ШАРҚ ТАБОБАТИ ИЛМИНИНГ ОТАСИ АБУ АЛИ ИБН СИНО
Abstract
Ибн Сино, Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али (980.8, Афшона қишлоғи — 1037.18.6, Ҳамадон шаҳри, Эрон) — жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўрта осиёлик буюк қомусий олим. Ғарбда Авиценна номи билан машҳур.
Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ Балх шаҳридан бўлиб, Сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур (967—997) даврида Бухоро томонига кўчиб, Ҳурмайсан қишлоғига молия амалдори этиб тайинланади. У Афшона қишлоғида Ситора исмли қизга уйланиб икки ўғил фарзанд кўради. Ўғилларининг каттаси Ҳусайн (Ибн Сино), кенжаси Маҳмуд эди. Ҳусайн 5 ёшга киргач, Ибн Синолар оиласи пойтахт — Бухорога кўчиб келади ва уни ўқишга берадилар. 10 ёшга етар-етмас Ибн Сино Қуръон ва адаб дарсларини тўла ўзлаштиради. Айни вақтда у ҳисоб ва алжабр билан ҳам шуғулланади, араб тили ва адабиётини мукаммал эгаллайди.
Ибн Синонинг илм соҳасидаги дастлабки устози Абу Абдуллоҳ Нотилий эди. У эл орасида ҳаким ва файласуф сифатида машҳур бўлгани учун отаси Ибн Синони унга шогирдликка берди. Нотилийнинг қўлида олим мантиқ, ҳандаса ва фалакиётни ўрганди ва баъзи фалсафий масалаларда устозидан ҳам ўзиб кетди. Ибн Синонинг ақл-заковатини кўрган устози отасига уни илмдан бошқа нарса билан шуғуллантирмасликни тайинлайди. Шундан сўнг ота ўғилга илм ўрганиш ва билимларини чуқурлаштириш учун барча шароитларни яратиб берди. Абу Али тинмай мутолаа қилиб, турли илм соҳаларини ўзлаштиришга киришди. У мусиқа, оптика, кимё, фиқҳ каби фанларни ўқиди, хусусан, табобатни севиб ўрганди ва бу илмда тез камол топа бошлади.
References
1.“Маънавият-асосий тушунчалар луғати”-Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти,Тошкент 2016 – йил нашри.
2.“Гулистон”-ижтимоий-сиёсий,илмий-бадиий,маданий-маърифий
Журнал- 2021-йил сони.
3.”Мозийдан садо”-илмий-амалий,маънавий-маърифий журнал.2024 йил.