ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ НОҚОНУНИЙ ЭГАЛЛАШ ВА БУНИНГ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МАСАЛАЛАРИ
Abstract
Ер давлатнинг энг муҳим табиий ресурсларидан бири бўлиб, мамлакатнинг
иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини
таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли ер муносабатларини ҳуқуқий
жиҳатдан тартибга солиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни
таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ер умуммиллий бойлик
сифатида эътироф этилган бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза
қилиш давлат томонидан кафолатланади. Ерга бўлган ҳуқуқлар фақат
қонунчиликда белгиланган тартибда вужудга келади, ўзгаради ва бекор
қилинади. Шунга кўра, ер участкаларидан фойдаланиш ваколатли органларнинг
қарорлари ҳамда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар асосида амалга
оширилиши лозим.